Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолодан кўпайтиришни истаган ёлғиз нарсалари бу – илм эди. Набий алайҳиссалом илм олиш учун йўлга чиққан кишига Аллоҳ таоло жаннат йўлларини осон қилишини, фаришталар илм талабида юрган кишининг оёқлари остига қанотларини ёзиб туришини, ерда, кўкда, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам унга истиғфор айтишини ҳабарини бердилар ва давом этдилар: “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шубҳасиз Пайғамбарлар олтин ва кумушни мерос қилиб қолдирмадилар. Пайғамбарлар мерос қилиб қолдирган нарсалари илмдир” (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Ана шундай “меросхўрлар”дан бири ҳазрати Муҳаммад Тақий Усмонийдир.

Азиз ўқувчи, изн берсангиз мен сизларни баҳолиқудрат Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, дунёқараши билан яқиндан таништирсам.

Қози Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Шайх, муфтий Муҳаммад Шафеъ ибн Шайх Ёсин ибн Халифа Таҳсин Али ибн Миёнжий ҳофиз Каримуллоҳ ибн Миёнжий Хайруллоҳ ибн Миёнжий Шукруллоҳ ҳазратлари 1362-ҳижрий, 1943-мелодий санада Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топдилар. Ҳинд тилида Миёнжий муаллим, деган маънони билдиради. У кишининг силсилалари Усмон ибн Аффонга бориб тақалади.

Оталари бу ҳақда гапириб ўтганлар. Бу силсилани аниқлаштирувчи санад бўлмаса-да, аммо шариат бу хусусда муттасил санадни шарт қилмайди.

Тақий Усмоний беш инининг энг кенжасидирлар.

Биринчиси, Муҳаммад Закий бўлиб, йигитлик пайтларидаёқ вафот этганлар. Муҳаммад Закий шоир бўлиб, урду тилида девонлари бор.

Иккинчиси, Муҳаммад Розий Усмоний бўлиб, “Ишоъа” босмахонаси асосчиси.

Учинчиси, Валий Розий бўлиб, Карачи университетининг Исломий билимлари бўйича профессори. Сийрат хусусида китоблари бор. Ушбу китоблари учун Покистон президенти Зиёул ҳақ мукофот билан тақдирлаган.

Тўртинчиси Муҳаммад Рафеъ Усмоний бўлиб, Карачидаги дорул улум университети бошлиғи ҳамда Покистоннинг умумий муфтийсидир.

Тақий Усмоний Дубай, Баҳрайн, Британия, Америка ва Австралия каби бир неча давлатларда илмий сафарда бўлганлар.

Холид Муҳаммад Бушофеъ айтадилар. Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим.

Тақий Усмоний ҳақларида шогирдлари Луқмони Ҳаким бир китоб таълиф этиб, унинг номини “Қози, фақиҳ, даъватчи ва тадқиқотчи Тақий Усмоний”, деб номлаган. У Дамашқдаги “Дорул қалам” матбаъасида чоп этилган. 144 саҳифадан иборат бўлиб, унда барча шогирдлари, устозлари, китоблари, ишлари ва яшаш жойлари хусусида маълумотлар бор.

У кишининг талабаларидан муфтий Муҳаммад ибн Адам ал-Кавсарий шундай дейди:

«Аллоҳ таоло бир солиҳ қулни дунёдан олса, унинг ерига бошқа бир солиҳ кишини келтириб қўяди. Мерос қилиб оладиган бу солиҳ қул ё унга илмда баробар бўлади ёки унга жуда яқин бўлади. Буюк зотлар вафот этганда бошқа буюк зотлар дунёга келади. Масалан, Имом Абу Ҳанифа вафот этганда, имом Шофеъи дунёга келди. Ҳинд қитъасида эса буюк мужаддид шайх мавлоно Ашраф Али Таҳонавий вафот этгандан уч ой кейин бошқа мужаддид Муҳаммад Тақий Усмоний дунёга келдилар. Бу ҳолат Қиёмат кунигача давом этади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Аллоҳ таоло илмни қулларидан дунёдан олиш суръати билан тортиб олмайди. Фақат илм олимларни олиш суръати билан ортидан қолдирур, Аллоҳ ҳеч бир олимни қолдирмаганда инсонлар бир гуруҳ жоҳил бошлар бўлиб қолар, улардан савол сўралар, улар ҳам илмсиз фатво берадилар. Шу сабабдан улар ўзлари ҳам йўлдан озадилар, бошқаларни ҳам йўлдан оздирадилар».

Покистонга ҳижрат

Покистон мустақиллигидан сўнг пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш мақсадида Дурул-улум Девбантдаги баъзи ҳожаларга ҳижрат қилиш вазифаси юклатилди. Чунки янги бир давлат қурилаётган ва бу давлатни қуришда ислом олимларига эҳтиёж бор эди. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг оталари Муҳаммад Шафий ҳам Покистонга ҳижрат қилиш вазифаси берилганлар орасида эдилар. Мустақилликдан кейин Муҳаммад Шафий Покистонга ҳижрат қилдилар ва Карачига жойлашдилар. Покистонга ҳижрат асносида оталарига шерик бўлган Муҳаммад Тақий Усмоний беш ёшда эдилар.

Илк илм таҳсили

Муҳаммад Тақий Усмоний илк илмни оналаридан олдилар. Оналари унга урдучада ёзилган «Бешҳатайи жавҳар» ва «Сўнгги пайғамбарнинг ҳаёти» номли китобларни ўқитдилар. Кичикликлариданоқ ота-оналаридан урдуча ва форсчани ўргандилар.

Мадраса таълими

Муҳаммад Тақий Усмоний урф-одатга кўра мадраса таълимини саккиз ёшларида оталари Муҳаммад Шафий Карачида қурдирган «Дорул улум» мадрасасида бошладилар. Бу ерда тафсир, ҳадис, илми калом, фиқҳ, фароиз каби диний илмларни, араб тили ва адабиётидан таълим олдилар. Ўн олти ёшларида ҳадис даврасини биринчи битирувчиси бўлдилар. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг акалари Дорул-улум Карачи ректори Муҳаммад Рафий Усмоний Дорул-улум ҳақида шундай дейди: «Дорул-улум Карачи ўз вазифасига кўра исломий илмларни ўргатиш учун Ҳинд Олд қитъасида қурилган мадраса занжирининг бир ҳалқасидир. Покистон мустақил давлат бўлган пайтда Карачининг икки афзаллиги бор эди:

Биринчиси – Покистоннинг пойтахти эканлиги.

Иккинчиси – миллионлаб мусулмонлар яшаши.

Фақат бу пайтда аҳолининг диний талаб ва эҳтиёжларини қондирадиган тузум йўқ эди. Бунда, албатта бир тузум шарт эди. Шу сабаб, Покистон бош муфтийси Муҳаммад Шафий Аллоҳ таолога суяниб, кичикроқ бўлса-да, муҳим деб билган йўлида давом этди ва Нанаквараҳдаги эски бир ўқиш биносида мадраса барпо этди. У иккита ўқитувчи ва бир неча талабалардан иборат эди. Муассасага Дорул-улум Карачи номи берилди. Бу 1970 йилда рўй берди. Карачида Дорул-улум қурилганда Покистоннинг тўрт томонидан ўқувчилар оқиб кела бошлади. Шунингдек, Ҳиндистон, Бурма, Индонезия, Малайзия, Афғонистон, Эрон ва Туркиядан ҳам талабалар кела бошладилар. Алҳамдулиллаҳ, бу мўъжазгина мадраса оз фурсатда ичида мустаҳкам қалъа ҳолига келди».

Илк устоз

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг исломий илмларни юксак даражада эгаллашида отаси Муҳаммад Шафийнинг улкан ҳиссаси бор.

Муҳаммад Шафий ким эди?

Муҳаммад Шафий ҳижрий 20 шабон 1314 йилда (милодий 1897) Ҳиндистоннинг Уттар Прадеш вилоятининг Саҳаренпур шаҳрига тегишли Девбанд шаҳарчасида дунёга келди. У 1913 йилда Девбанддаги Дорул-улумга ўқишга кирда ва уни 1917 йилда тамомлади. Устози Ашраф Али Таҳонавийнинг йўлини тутди. Устозлари – Маҳмуд Ҳасан Девбандий, Анваршоҳ Кашмирий, Шаббир Аҳмар Усмоний, Асғар Ҳусайн Девбандий, Азиз Али Девбандий, Расулхон Ҳазаравий ва Ҳабибурроҳман Усмоний эдилар. Битиргандан кейин Дорул-улум Девбандда мударрислик қила бошлади. Тез орада биринчи даражали мударрис бўлди. Бу ерда ҳадис, тафсир, араб адабиётидан сабоқ берди. 26 йил мобайнида кўплаб талабаларга устозлик қилди. Муҳаммад Шафий тасаввуфий муҳитда камол топди. Кичик ёшиданоқ буюк ориф Маҳмуд Ҳасан Девбандийнинг суҳбатларида қатнашиб юрди. У зотдан кейин Ашраф Али Таҳонавийга шогирд тушди. Ашраф Али Таҳонавийдан Чистия, Қодирия, ва Суҳровардияга кўра қўл олди. Шайхи тарафидан 1931 йилда унга халифат берилди. Покистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг Муҳаммад Шафий Ҳиндистондан Карачига келиб жойлашди. Фиқҳий масалаларда дониш бўлгани сабаб “Покистон бош муфтийси” номи билан танилди. 1951 йилда Дорул-улум Карачини бунёд этишда рағбат кўрсатди ва ҳаётининг сўнгги дамларига қадар шу ерда сабоқ бериш билан машғул бўлди. Ҳаётининг сўнгги дамларида Дорул-улум Карачини юритишни ўғли Муҳаммад Рафий Усмоний (ректор) билан Муҳаммад Тақий Усмонийга (ректор ёрдамчиси) қолдирди. Муҳаммад Шафий 1976 йилда вафот этди.

Муҳаммад Шафий араб, урду, форсча шеърлар соҳиби ҳам эди. Унинг энг машҳур асари маърифатул Қуръондир. Ислом энциклопедиясида берилган ҳабарга кўра маърифатул Қуръон, 1950 йилда ҳар кун Бомдод намозидан кейин бўладиган тафсир дарслари ҳамда 1954-1964 йиллар оралиғида Покистон радиосида эфирга узатилган тафсир суҳбатларига таянган. Муаллиф мазкур асарни 1972 йилда ўз якунига етказди.

Университет ҳаёти

Муҳаммад Тақий Усмоний 1964 йилда Карачи университетида адабиёт, 1967 йилда ҳуқуқ, 1970 йилда араб адабиёти соҳасида олий дипломни қўлга киритди. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг замонавий университетларда таълим олишдан мақсад фақатгина дипломга эга бўлиш эмасди. У муҳим масалаларни янада аниқ бир шаклда еча билишга қодир бўлган теран маълумот соҳиби бўлиш истагида эди. У иқтисод, ҳуқуқ ва сиёсат каби соҳаларда кенг қамровли ишларни амалга оширди.

Тасаввуфий таълим 

Исломий илмларда ажиб бир мавқега эришган Муҳаммад Тақий Усмоний тасввуфда ҳам кўзга кўринган тимсоллардан биридир. У киши Мавлоно Ашраф Али ат-Таҳонавийнинг хулафосидан бўлган ҳозирги асримизнинг икки таниқли машойихи Муҳаммад Масиҳуллоҳ Хон Сарваний ва доктор Абдулҳай Орифийлардан ижозат олганлар. Яъни Муҳаммад Тақий Усмоний аслида тариқат шайхидир. Муҳаммад Тақий Усмоний ислом дунёсида нафақат тасаввуфий, балки улуғ фақиҳ ва муҳаддис ўлароқ танилган. Бунинг сабаби шудир: “Девбандлик инсонларнинг тариқатлари анъанага кўра тақлид қилиш эмас. У таълим-тарбия ва яшаш тарзи ўлароқ сингиб кетган. Ана шу боис умумий дарс дастури ичида тасввуфий таълимни ҳам бериб борадилар».

Силсилаи ашрафия 

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазраларининг Честия, ва Нақшбандия, Қодирия, Суҳровардия тариқатларидан ижозати бор. У кишининг силсиласига “Унинг ютуқлари кўплаб олдингиларда топилмайди”, деб таъриф берилган. Ашраф Али Таҳонавийга нисбат билан “Силсилаи Ашрафия” деб танилмоқдадир. Силсилаи Ашрафиянинг охирги ҳалқалари шундай:

- Ҳожи Имдадуллоҳ Маккий;

- Ҳакимул-уммат Аҳраф Али Таҳонавий;

- Абдулҳай Ориф & Масиҳуллоҳ Хон Серваний;

- Муҳаммад Тақий Усмоний.

Хизмат вазифалари ва ютуқлари

Бир муддат Покистон федерал шариати маҳкамасида иш юритган Муҳаммад Тақий Усмоний пенсияга чиққунга қадар покистон олий маҳкамаси шаръий даъволар бўлимида фаолиятини давом эттирди. Шайхул ислом Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум тарафидан Дубайда бўлган халқаро ислом форумида сўзлаган нутқи учун мукофотланди. Шунингдек, Дорул-улум Карачида ректор ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Муҳаммад Тақий Усмоний исломий банкинг тизимида ҳам сермаҳсул иш юритди. Муҳаммад Тақий Усмоний 2017 йилда “Дунёнинг энг таниқли 500 мусулмони” рўйхатида 6-ўринни эгаллади.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг бир куни қандай кечади?

Бу ҳақда ҳазратнинг рафиқалари шундай дейди: «Бомдод намозидан кейин умр йўлдошим билан пиёда сайрга чиқамиз. Сўнгра 7:30 да нонушта қиламиз. Ундан кейин шайх Муҳаммад Тақий Усмоний 8:00 дан 10:00 гача «Саҳиҳи Буҳорий»дан дарс берадилар. Мен кунлик уй юмушлари билан машғул бўламан. Умр йўлдошим 10:00 да уйга келиб, соат 12:00 гача китоб ёзиш ва илмий ишлар билан банд бўладилар. Бу ишлар 14:00 гача давом этади. Пешин намозидан кейин тушлик қиламиз. Сўнгра бир соат ҳордиқ оламиз. Ундан кейин аср намозигача умр йўлдошим иш хонасида бўлади. Аср намозидан кейин шом намозига қадар бўлган вақт оила соати ҳисобланади. Эрим оила аъзолари билан йиғилиб суҳбат қуришга жуда ҳассосдирлар. Шом намозидан хуфтонгача илмий ишларида бардавом бўладилар. Китоб ёзган бўлсалар, уни ҳижжалаб текшириб чиқадилар. Кечки нонуштадан сўнг у киши билан 10-15 дақиқа таълим соати қиламиз. Мана шу таълим соатига набираларимизнинг ҳам қатнашиши мажбурийдир. Шундан сўнг уйқугача илмий ишларини давом эттирадилар».

Саёҳат 

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг рафиқаларидан тинглашда давом этамиз: «Умр йўдошим билан тез-тез саёҳат қиламан. Биргаликда жуда кўп юртларни кездим. Умр йўлдошимнинг ажиб бир одати бор: самолёт ердан ҳавога кўтарилиши ҳамон компьютерларини очиб иш бошлайдилар, бу ҳолат самолёт ерга қўнгунга қадар давом этади. Манзилга етиб борганимизда у киши расмий ишларини ҳал қилиб бўлганларидан сўнг мени зиёрат қилишим учун сафаримизни бир кунга узайтирар ва шаҳарнинг эътиборга молик жойларини кўришимга имкон берардилар».

Тавозе 

«Роҳманнинг қуллари ер юзида виқор ва тавозе билан юрган кимсалардир» (Фурқон сураси, 63-оят).

Ушбу оятга уйғун бир шаклда умр кечираётган Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асарлари орқали яқиндан таниганлар унинг қанчалик очиқкўнгиллилигини биладилар. Бир қарасанг, Муҳаммад Тақий Усмоний жуда ғамгин, ғуссага чўмган бўлади. Ўзининг бу даражада маҳзун қилган ҳодиса – суҳбатларини тўплаб бир китоб ҳолига келтирган ва нашрга ҳозирлаган кишининг Муҳаммад Тақий Усмонийга нисбатан қўллаган «саййидина», «мужаддид», «шайхул ислом» каби калималар эди. Муҳаммад Тақий Усмоний у кишига жиддий танбеҳ бериб шундай деди: «Китобни кўриб чиқдим. Ҳурмат ифодаларида кўп муболаға бор. Бу нарса асло қабул этилмас, бундан кейин ҳаммасини олиб ташланг».

Ҳадис энциклопедияси

Муҳаммад Тақий Усмоний ислом дунёсида фақиҳ ўлароқ танилган бўлса-да, ҳадис илми борасидаги вуқуфияти фиқҳ соҳасидаги мутахассислигидан оз эмас. Шаббир Аҳмад Усмонийнинг «Фатҳул Мулҳимин»и асарига бош-қош бўлиши, ҳадис ва суннат соҳасидаги бошқа кўплаб асарлар бунга яққол далилдир.

Муфтий Муҳаммад ал-Кавсарий устози Муҳаммад Тақий Усмоний ҳақида шундай дейди: «Устозим Муҳаммад Тақий Усмоний «Ҳадис энциклопедияси» номли йирик бир лойиҳа устида иш бошлаганлар. Бунда Қуръон оятларининг рақамлари қанчалик мукаммал ва машҳур бўлса, бу ишда ҳам ҳар бир ҳадисга бир рақам берилади. Мавжуд бўлган барча ҳадисларни тўплаш катта куч талаб этади. Анча йиллар аввал шайх Нуриддин ва шайх Рамазон Бутий каби уламолар бу лойиҳани музокара қилиш учун Маккаи Мукаррамага йиғилган эдилар. Бу ғоя барчага бирдек маъқул бўлди. Шундай қилиб, кўпчилик ва «Дорул улум Карачи»ни битирган олимлардан тузилган жамоанинг ғайрати билан бу лойиҳа 15 йил аввал бошланди. Иш якунига етиш арафасида «Ҳадис энциклопедия»сининг I-жилди Дорул-қалам томонидан нашр этилди. Ушбу асар 40-50 жилдни ташкил қилади. У 910 та ҳадис манбасидан олинган бўлиб, шу вақтга қадар ёзилганлар ичида энг кенг қамровли ҳадис тўплами ҳисобланади.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда 

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ҳаётида Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарийнинг энг пешқадам талабаларидан бири бўлган ҳалафлик муҳаддис Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг ўзига хос ўрни бор. У кишини Муҳаммад Тақий Усмоний ўзига устоз деб билган. Муҳаммад Тақий Усмоний Абул Фаттоҳ Абу Ғудда учун дўст каби эди.

Муҳаммад Тақий Усмоний устози Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда билан қандай танишганини шундай баён қилади: «Устозим Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда ҳақида илк бор 1956 йилда отам билан бир конференцияда қатнашиш учун Сурия, Урдун, Либнан, Фаластинни зиёрат қилганда эшитган эдим. Отамнинг Шомдан олган мактублари уни суриялик олимлар билан кўришганини тасдиқлайди. Падарим олимлар орасида Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда билан махсус суҳбатлар қиларди. Сафардан қайтгандан кейин эса отам Абдул Фаттоҳ Абу Ғуддани муҳаббат билан хотирлар эди. Отам уни араб дунёсида жонкуярлик билан қилаётган ишлари, академик тадқиқотларини, яхши бир олим эканлигини бот-бот таъкидларди. Устозим Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда суннатга риоя қилишга жуда ҳассос, гап-сўзлари ва хулқи салафи солиҳларни эслатадиган бир зот эди.

Ҳиндистон ва Покистоннинг олмаси

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари шундай дейдилар: «Падаримнинг Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда ҳақидаги гапларини эшитганимдан кейин уни зиёрат қилмоқ учун қалбимда бир кучли истак пайдо бўлди. Аммо истагимни қондиришнинг ҳеч имкон йўқ эди. Чунки ўша пайтда Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Сурияда эдилар. Ва у вақтлар зиёрат қилиш имконсиз эди. Узоқ интиқликдан сўнг 1963 йилда шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг Покистонга келаётганлари ҳақидаги хушхабарни эшитдик. У кишининг зиёратдан мақсалари – Покистон ва Ҳиндистон кутубхонларидаги ноёб қўлёзмаларни тадқиқ қилиш ва бу ердаги олимлар, илм аҳли билан фикр алмашиш эди. Шайх Карачида бир неча кун қолдилар. Бу орада Дорул-улум Карачини ҳам зиёрат қилдилар. У ерда бир мажлис ташкил қилинди. У кунларда мен ҳам бир қанча арабий китобларнинг таълими билан машғул эдим. Отам мендан арабча бир маъруза қилишимни истади. Мен маъруза қилдим. Нутқим орасида Ҳинд олд қитъасидаги мадрасаларнинг тарихи ва Дорул-улум Девбанднинг қурилиши, Девбанд уламоларининг хизматлари ҳақида қисқача гапириб ўтдим. Бунга шайх тасаннолар айтдилар. Йиғилиш охирида Дорул-улум зиёратчи дафтарига шуларни ёзиб қўйдилар: “Муҳаммад Шафийнинг авлоди азиз биродарим Муҳаммад Тақий Усмонийнинг балоғати шу даражадаки арабларнинг заиф томонларини уларнинг тилида ўртага ташлай билади”.

Шундан кейин Дорул-улумдан қайтарканлар, мен фақирга бўлган муҳаббатини шу шаклда тилга олдилар: “ Олма бўлсанг сени ердим”. Ундан сўнг мени “Ҳиндистон ва Покистоннинг олмаси” деб атай бошлади. Ва, ҳатто баъзи асарларида мен билан бу шаклда баҳс қилди. Зиёрати давомида бу фақир шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғуддадан ҳадис ижозасини ҳам олди”.

Ҳосилдор муаллиф

Ғайрату шижоат билан инглиз тилини ўрганган Муҳаммад Тақий Усмоний босма нашрларда ҳам фаол эди. У киши ўз мақола ва таржималари билан қатнаша бошлади. Исломий илмларга оид араб, урду, инглиз тилларида ёзилган юзлаб мақола ва таржималари дунё юзини кўрди. Кўплаб мухлисларга эга бўлди.

Суннатнинг кучи ва таъсири

Асли исми “Тҳе Аутҳотирй оф Суннаҳ” бўлган ва доктор Меҳмет Ўзшенел тарафидан турк тилига «Суннатин Деғери ва Бағлайичилиги» ўлароқ таржима қилинган бу асар суннатнинг моҳияти, унинг аҳамияти, тарбиявийлиги ва саҳиҳ бир шаклда нақл қилинганлиги шарқшуносларнинг даъволарига муносиб бир шаклда жавоб бўлди. Бу иш бир нуфузли халқаро йиғилишда маъруза учун ҳозирланган эди, кейинчалик Муҳаммад Тақий Усмоний уни китоб ҳолига келтирилдилар.

Эътикоф рисоласи

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг урду тилида ёзилган бу кичик рисоласи инглиз ва турк тилларига таржима қилинган. Асар эътикоф ва унга доир масалалар, зарур нуқталарига бағишланган. Асар ҳажман кичик бўлса-да, аммо қиймати ғоятда баланддир.

Осон амаллар 

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг Муҳаммад Темирчи томонидан турк тилига таржима қилинган «Осон амаллар» асари фарз ва вожибларга ғоятда эътиборли бўлганларнинг амал дафтарига осон, лекин қиймати баланд бўлган баъзи амаллар илова қилинган. Асарнинг асосий ғояси динни қийин, деб ғафлатда ўтирганларга унинг қийин бўлмаган осон амалларини кўрсатиб беришдан иборат.

 Фатво усули 

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг туркчага таржима қилинган «Фатво усули»га тақриз ёзган Абу Бакр Шифил шундай дейди: «Покистонлик Асримизнинг ислом дунёсидаги йирик олими Муҳаммад Тақий Усмоний томонидан ёзилган бу асар буюк қийматга эга бўлиб, улкан бир бўшлиқни тўлдириб турибди. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, масалалар ва мисоллар кунимизга боғлиқ бир шаклда ёзилган, шунингдек, бошқа мазҳабларнинг манбалари ва олимларидан ўзига хос тарзда фойдаланилган. Китобнинг “Ҳукмларнинг ўзгармаслиги” қисми ғоятда диққатга сазовор.

Улумул Қуръон 

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ томонидан урду тилида ёзилган бу асар инглизчага таржима қилинган бўлиб, у жами 600 саҳифадан иборатдир. Шу ўринда асарнинг ёзилиш тарихини Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ўзидан тинглаймиз: “Отам мавлоно Муҳаммад Шафий ўзи томонидан ёзилган саккиз жилдли “Маарифул Қуръон” номли асарига Қуръон илмларининг аҳамиятли нуқталарни очиб берувчи бир муқаддима ёзишимни истади. Отамнинг истагани бажо келтириш мақсадида, белимни маҳкам боғлаб ишга киришдим. Қўлёзма нусхаси 200 саҳифадан ошади, бир тафсир учун узунгина муқаддима бўлди. Ҳали ҳам унинг аҳамиятли нуқталарига тегмаган эдим! Отамнинг тавсияси билан билан бу муқаддимани тафсирга уйғун бир шаклга келтирдим. Шундан сўнг у мана бундай китоб шаклига келди. Шундан кейин режалаштирганим китоб (Аллоҳнинг инояти билан) “Улумул-Қуръон”ни таълиф этдим.

Мавлоно Муҳаммад Шафий ўзи ёзган Маарифул Қуръон асарига муқаддима ёзишни Муҳаммад Тақий Усмонийга топширганини шундай баён қилади:

«Бу вазифани ўғлим Муҳаммад Тақий Усмонийга топширишимнинг сабаби хасталигим ва роҳатсизлигимдир. Бошқа томондан эса инглиз тилини дуруст билмаслигим эди. Яна шарқшуносларнинг Қуръон илмларига алоқадор салбий фикрлари олдида уларни ожиз қолдириш мен учун мушкул эди. Муҳаммад Тақий Усмоний эса уларнинг ёйган фасодларини жуда яхши англаб туриб, уларга муносиб жавоб берди».

Ислом иқтисодиётига кириш

Ушбу асар Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ислом иқтисодиёти приципларига бағишланган мақолаларидан ташкил топган. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ислом иқтисодиёти ҳақида сўз юритган илк инсонлардан, десак муболаға бўлмайди. Бу хусусда Юсуф ал-Кардавий шундай деган:

«Муҳаммад Тақий Усмоний ислом молияси масалаларида менда биимдонроқдир».

Мазҳаб тақлидининг шаръий ҳукми

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг урду ва инглиз тилидаги бу асарида тақлид масаласи, айниқса, мазҳаб имомларига тақлид қилиш борасида бир қанча инсонлар томонидан ўртага ташланган шубҳа ва эътирозларга илмий жавоблар бериш кўринишида ёзилганлиги ўқувчини ўзига жалб этади.

Қамарий ойлар

Бу асарда Муҳаммад Тақий Усмоний тортишувли масалаларни баён қилиш шаклида ўқувчига муфассал аниқлик билан маълумотлар тақдим этганлар. Унда: «Бази инсонлар Сафар ойини бало ва мусибат ойи сифатида кўрадилар, бунинг бир мисоли, сафар ойида никоҳ тузиш каби аҳамиятли ва фойдали ишдан узоқ туришларидир. Бу гап тамоман асоссиз. Бу арабларнинг ботил ишончларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буткул ботил эътиқодларнинг илдизини йўқотганлар. Мусулмонлар бу каби ботил эътиқодларга ишонишлари лозим эмас. Сафар ойида оила қуриш ва никоҳланишда ҳеч бир зарар йўқдир».

Замонавий фиқҳий массалалар ҳақида тадқиқотлар

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг бу асарда олдин келган фиқҳий масалалар ҳақида тадқиқотлар келтирилган, кейинги ихтилофли масалаларга доир таҳлиллар ҳам ўртага ташланган. Китобда, шунингдек насия савдо қилиш ҳукмлари, нақд пулнинг ҳукми, автоҳалокатларга оид муаммолар ва текшириш, таклиф бериш каби масалалар ҳам баён қилинган.

Такмилоти Фатҳул-мулҳим

«Фатҳул-мулҳим» шайхул-ҳинд номи билан танилган Мавлоно Ҳасан Девбандийнинг кўзга кўринган талабаларидан ва халифаларидан бири бўлган Шаббир Аҳмад Усмонийнинг саҳиҳи муслимга ёзилган, фақат тамомланмай қолган шарҳининг номидир. Шаббир Аҳмад Усмоний «Фатҳул мулҳим»нинг фақатгина уч жилдини якунлай олган, холос. Ушбу асар шайх Муҳаммад Тақий Усмоний томонидан тўлиқ ёзиб тугатилиб, олти жилд қилиб нашр этилган. «Фатҳул-мулҳим», шубҳасиз Муҳаммад Тақий Усмонийнинг араб тилида ёзилган энг муҳим асаридир.

Термизий дарси

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг Дорул-улум Карачидаги Термизий дарслари асносида берадиган дарс такрорларидан олинган бу асар ҳадис усули, ҳужжиёт, тадвин, тасниф, табақоти-рувот (ровийларнинг табақаси) ташиҳ ва тадъиф қоидалари ашоби ҳадис, ашоби рай, Куфа ва Абу Ҳанифанинг ҳадис илмларидаги ери, тақлид ва ҳадис, Имом Термизий ва китобининг афзалликлари акс этган 150 саҳифалик кенг бир муқаддима билан бошланган.

Хотима

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари исломий илмларининг ҳар бир соҳасида асар ёзган биинчи фиқҳ, шунингдек ҳадис соҳасида китоблар ёзган, исломий илмларнинг ҳар бир соҳасида ўз сўзига эга бўлган улуғ бир олимдир. Абу Бакр Сифилнинг ҳам айтгани каби: «Муҳтарам Муҳаммад Тақий Усмоний илм билан «истиқомат»ни бир ерда мужассам эта билган нодир инсонлардан биридир».

Бухоро (2019 йил, 14-15 апрель)
Самарқанд (2019 йил, 16 апрель)
Сурхондарё (2019 йил, 17 апрель)
Тошкент (2019 йил, 18-19 апрель)