Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 1953 йил, 1 апрель куни Ҳиндистоннинг шимолий-ғарбидаги Панжоб вилоятининг Жҳанг ҳудудида дунёга келганлар.
Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 1967 йилда ўрта мактабни, 1971 йилда Панжоб Унверститетини муҳандислик ихтисослиги бўйича битирганлар. Ҳазрат асосий ихтисосликларидан ташқари спорт турларидан сузиш, гимнастика, крикет ва футбол бўйича ҳам мутахасислик соҳиби бўлганлар. Дунёвий билимлар қаторида диний таълимга ҳам катта этибор берганлар. Каломуллоҳни тўлиқ ёдлаб, ҳофизи Қуръон бўлганлар. Ҳадисларга оид билимларни “Жомия Реҳмания Жаҳания МанДи” (тасаввуф мактаби) ва Милтандаги “Жамия улумия” номли таълим муассасаларида олганлар. Муҳандислик ихтисослигини битиргач, Покистоннинг энг нуфузли саноат корхонасида инженер-механик бўлиб иш бошлаганлар. Аста-секин тараққий этиб бориб, шу корхонади бош муҳандис лавозимигача кўтарилганлар. Қирқ ёшга етгач, эгалаб турган лавозимдан истеъфога чиқиб, диний илмларни ривожлантиришни мақсад қилганлар. У зотнинг тасаввуфга бўлган қизиқишлари замонасининг жуда ҳам кўп олиму фозиллари ҳузурида илм олишларига, изланишлар олиб боришларига сабаб бўлди. 1983 йилда Нақшбандия тариқатининг муршиди Ҳазрати Ҳожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ тарафларидан халфалик мақомини олганлар. Шу пайтдан буён юз минглаб тасаввуф ихлосмандлари қалбларини ҳол илми бўлмиш тасаввуфнинг нозик жиҳатларидан хабардор қилиб келмоқдалар. Бу зот замонамизнинг етук тасаввуф шайхларидан ҳисобланади.
Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ 1992 ва 1998 йилларда ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрганлар. Бу сафарлари ҳақида “Лаҳур сэ та хакэ Бухоро о Самарқанд” номли ажойиб китоб ёзганлар. Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари ҳозирда Лоҳур шаҳрида истиқомат қиладилар.