Шайх Тоҳа Ҳубайший (раҳимаҳуллоҳ)

Тўлиқ исмлари Тоҳо ибн Дасуқий ибн Маҳдий ибн Бадавий ибн Ҳубайший ибн Омир ал-Ашбулий ибн Абдуллоҳ ал-Ашабулий ибн Муҳаммад Закий ибн Марвон ал-Ҳусайний ал-Мағрибий ибн Абдурозиқ ибн Аҳмад ибн Шарафуддин ибн Носируддин ибн Омир ибн Яҳё ибн Маръий ибн Иброҳим ибн Ҳозим ибн Юнус ибн Аҳмад Марвон ибн Абдурозиқ ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Исо ибн Мусо ибн Жаъфар ибн Иброҳим ал-Муртазо ибн Мусо ибн ал-Козим ибн Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ал-Боқир ибн Али ибн Зайнулобидин ибн ал-Имом ал-Ҳусайн ибн ал-Имом Али ибн Абу Толиб ва саййида Фотима аз-Заҳро бинти саййидина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Аслида Доктор Тоҳо Ҳубайший яшаган жойда чақалоқларга барака, узоқ умр, гўзал хулқни ифода қиладиган ва чақалоқнинг ўзи билан боғлиқ бирор исмни қўйиш урф бўлган. Лекин унинг исмини отаси пайғамбарларнинг сўнгиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримда келган гўзал исмлари билан аташни муносиб кўрди.

Доктор Тоҳо Ҳубайшийга насаблари Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бориб етгани учун «ал-Ҳусайний», Азҳари шарифда таълим олиб, у ерда дарс бергани учун «ал-Азҳарий» нисбати берилади.

У зотнинг она шаҳри Миср шимолидаги Димётдир. Димёт қадимий шаҳарлардан бўлиб, номи Тавротда «Кафтур» номи билан зикр қилинган. Ҳозирги номи Қадимги фиръавнлар даврига оид бўлиб, «Тамҳийт», яъни «Шимолдаги шаҳар» деган маънони билдиради. Қибтийлар эса «Тамиёт» деб атаган шу ном ҳозирги Димётга яқиндир.

Доктор Тоҳо ҳижрий 1363 йили сафар ойининг ўн иккинчисида, милодий 1944-йили 7 февраль душанба куни дунёга келган. У зот фарзандларнинг саккизинчиси эди. Отаси жуда меҳнаткаш, покдомон киши бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Ота-онаси фарзандларининг таваллуди қувончини нишонлаб улгурмай Иккинчи Жаҳон Уруши қайғу, ғам-ташвишлари уларнинг қишлоқларига ҳам сизиб кирди. Уруш таъсирида ҳаёт машаққатлари янада ортди.

Беморлиги

Доктор Тоҳо Ҳубайший соғлом ҳолда дунёга келган. У зотнинг истараси иссиқ айниқса, кўзлари жуда ҳам чиройли бўлиб, кўрган киши ҳавас қиларди.

Кунларнинг бирида болалик чоғида кўчада ўйнаб юрган пайти қўшни аёл бу жажжигина, чиройли болани кўриб, ўта ҳайрат ва ҳасад билан боқади.  Аёл уни кўргач, Аллоҳнинг гўзал санъати учун зикр қилиб, салавот айтиш ўрнига, бадназар билан тикилиб «Бу болакайнинг кўзлари намунча чиройли, ўзига тортади-я» деб ўзининг кўкрагига уради. Тўсатдан шу заҳотиёқ ёшгина Тоҳонинг кўзлари ёши қон аралаш оқиб тушади ва ҳеч нарсани кўрмай қолади. (Аслида мусулмон киши ҳайратланарли бир нарсага кўзи тушса, Аллоҳни зикр қилиб, ما شاء الله «МашаАллоҳ», яъни «Аллоҳ хоҳлаганидек», «Аллоҳнинг иродаси билан» дейиш ва салавот айтиш керак.)

Ушбу воқеадан кейин онаизор дилбандининг ҳолатидан жуда ҳам тушкун ҳолатга тушади ва дарров отасининг амакиси шайх Али ал-Ғолийга Қуръон ўқитиб, кўз тегишига қарши руқия қилдиради. Лекин боланинг дардига шифо бўлмайди. Соддадил она нима қилишини билмай болаларни хатна қилувчи устага бориб, ундан нимадир чора кўришини фарзандлари дардига муолажа қилишини сўрайди. У шифокорга жўнатиш ўрнига, қўлидан келмасада, ўзича даволашга уруниб кўради. Унинг муолажаси мутлақо натижа бермайди.

Вақт ўтган сари боланинг куни тунга айланиб, бутунлай кўз нуридан айрилади. Онасига марказда бир шифокор ўз ишининг устаси экани, у одамларни китоб ўқигандек, касаллигини топиб муолажа қила олишини айтадилар. У эртаси куни пиёда иссиқда боласини қуёш тиғидан пана қилиб, бағрига босиб марказ шифохонасига шошилади. Машаққатлар билан етиб борса, унга эътиборсизлик билан қараб, яна фарзандининг бу ҳолга тушгани учун дакки ҳам беришади. Улардан нажот истаб келган онаизор шифо учун сўнги манзили шу ер экани, бошқа яна қандай чора кўра олиши мумкинлиги ҳақида сўрайди. Марказ шифокори шаҳардан узоқроқда соҳил бўйида янги Порт Саид шаҳрида кўз шифокорлари мутахассиси борлигини айтади. Она олдида яна машаққатлар кутиб тургани, лекин фарзандининг кўз нурини қайтариш йўлида ортга юролмаслигини ҳис қиларди. Ота эса оила учун эрта тонгдан тунгача иш билан машғул эди. Унинг шифохоналарга боришга мутлақо иложи йўқ эди. Мушфиқ она болани кўтариб, ўзи билмаган, ҳеч кимни танимайдиган шаҳар, Порт Саидга қийинчиликлар билан етиб бориб, бир кўз шифокорини топади. У болани синчиклаб текшириб кўриб, онага вазият жиддийлиги, маълум амалиётларни қўллаш зарурлигини тиббиёт тили билан узоқ тушунтиради. Она шифокорни эшитиб, «Мен сиз айтганларни яхши тушунмайман. Лекин иш аввало Аллоҳнинг қўлида, сўнгра Унинг изни ила сизни қўлингизда, сиз имкон борича сабабларни қилинг. Биз ортингизда, «Я Робб» дея дуо қилиб турамиз» дейди. Табиб икки босқичда тиббий амалиёт ўтказиш лозимлигини, натижа эса фақат Аллоҳдан эканини таъкидлайди. Она рози бўлгач, икки бора ёш Тоҳо Ҳубайшийнинг кўзларида муолажа амалиёти ўтказилди. Натижада, Тоҳо Ҳубайшийнинг кўзлари ҳаракатни зўрға илғай оладиган даражада яхшиланди. Шифокор онага бу энг охирги натижа экани ва ортиқ ўзларини уринтирмасликлари лозимлигини таъкидлади. Онаси маҳзун ҳолда, қийинчиликлардан толган ҳолда болани кўтарганча яна қишлоққа қайтиб келди.

Орадан кўп ўтмай онаси оламдан ўтди. Энди ёш Тоҳо Ҳубайшийнинг эҳтиёжларига ёрдамлашиш масъулияти опалари ва акаларига ўтди.

1947 йили қишлоқда оммавий вабо тарқалиб, кўпчиликнинг ёстиғи қуриди. Мусибатлар Доктор Тоҳо Ҳубайший хонадонини ҳам четлаб ўтмади. Унинг отаси оламдан ўтди. Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг болалиги жуда қийинчилик билан ўтди. Айниқса, ота-онасининг эрта вафот этиши уни оғир ҳаёт синовларига рўпара қилди. Уни парваришлашда ака-сингиллари, кейинчалик турмуш ўртоғи, шогирдлари кўп хизмат қилдилар.

Илм йўллари

 Доктор Тоҳо Ҳубайший олти ёшида қишлоқдаги бошланғич мактабга қатнаб Қуръони Каримни ёд олди. Сўнгра Димётдаги ал-Азҳар бўлими мадрасасига қабул қилиниб, тўрт йиллик эъдодия босқичини, ундан кейин беш йиллик санавия босқичини тугатди. У пайтда ал-Азҳарда санавия босқичи ҳозиргидек уч йил эмас, беш йиллик бўлган. У ерда таҳсилни тугатиб, тафсир илмини чуқур ўрганишни мақсад қилиб, Қоҳирага келиб ал-Азҳар университети Усулуд дин факультети тафсир йўналишига ҳужжатларни топширади. Лекин имтиҳон пайтида келса, бу йўналишда унинг исми чиқмайди. Масъуллар Ақида ва фалсафа йўналишидаги талабалар билан имтиҳонга кириши лозимлигини айтишади. У киши қайтиб кетиб яна бошидан ҳужжатларни тайёрлаб ўзи танлаган тафсир йўналишига топширади. Шу ҳолат тўрт беш марта такрорланади. Охири бу Аллоҳнинг иродаси экани, уни Ақида ва фалсафа йўналишига танлаганини сезиб, Яратганнинг тақдирига таслим бўлади.

1970-1971 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Усулуд дин факультетига кириб, Ақида ва фалсафа йўналиши бўйича олий маълумотли дипломни олди. Ушбу факультетда яна ўқишни давом эттириб, 1972-1973 йиллари магистрлик босқичини тамомлади. Таълим олиш жараёнида барча босқичларда тиришқоқлик билан ўқиб, энг пешқадам талабалардан бўлди ва устозлари назарини топди. Ақида ва фалсафа йўналишида 1978-йили илк уринишидаёқ докторликни муваффақиятли йўқлади. Доктор Тоҳо Ҳубайший 1983 йили университетда ақида ва фалсафа бўйича «Ёрдамчи устоз» даражасини олди. 1988 йили эса «Устоз» даражасини қўлга киритди. Аслида иш фаолиятни ўқиш билан бир қаторда 1971 йилдаёқ асистент (ёрдамчи ўқитувчи) вазифасидан бошлаган.

Доктор Тоҳо Ҳубайший илмий фаолиятлари давомида икки йил Саудия Арабистонида ва Жазоирдаги Амир Абдулқодир университетида талабаларга дарс берган. Ҳамда Мисрдаги кўплаб университетларда илмий мажлисларда хусусан, Судан, Қувайт, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатларда халқаро илмий анжуманларда қатнашган. Шунингдек, у зот бир неча илмий ташкилотларда масъул бўлган, жумладан:

  • 1. Пайғамбарзодалар қўмитаси мудири
    • 1. «Саййидуна Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам»
    • 2. «Ақидатуна ва силатуна ва бил кавни вал ҳаяти»
    • 3. «Ал-асмаул ҳусна»
    • 4. «Ас-суннату вал бидъа»
    • 5. «Ал-иътибару би бақоил жаннати ван нар»
    • 6. «Қоваидут тасаввуф»
    • 7. «Ал-ҳақоиқул жалийя фир родди аъла ибн Таймия»
    • 8. «Риҳлатий ила Узбакистан»
    • 9. «Ал-маръату ва ҳаққул мийрос»
    • 10.  «Сияҳату фи санавати ҳаятий» ва бошқаларни келтириш мумкин.
  • Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳар бир ёзган китобларининг ўзига яраша юзага келиш сабаблари ва тарихи бор. Бунга бир мисол, 1995 йили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дин душманлари томонидан туҳмат ёғдирилишидан бироз аввал тушида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни кўради. Бир тепаликда Имом Бухорийга итлар ташланиб ҳужум қилар, у зот эса тош билан уларни ҳайдаётган эди. Тоҳо Ҳубайший Имом Бухорийга яқинлашганда: «Эй Тоҳо, менга ёрдамлашгин, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирга ҳимоя қиламиз» дейдилар. Орадан кўп ўтмай суннат ва ҳадисга нисбатан бўҳтонлар кучаяди. Шунда туши таъвилини суннатни ҳимоя қилиш учун ўзига юклатилган вазифа деб билиб, «Ас-суннату фий мувожаҳати аъдаина», яъни Суннат душманларимиз қаршисида номли 290 бетли китоб ёзди. Мазкур китоб Қоҳирадаги нашриётларда турли номлар билан беш марта қайта нашр қилинган. Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳар сафар янги нашрларга қўшимчалар киритади. Сўнгиси 413 бетли ҳолда чоп этилди. Бу китоб Аллоҳ таолонинг қабули сабаб, нашриётдан чиқиши биланоқ тезда тугаб кетади.

    Доктор Тоҳо Ҳубайший талабалик чоғиданоқ дарс беришни бошлаб, умрининг охиригача турли илм даргоҳларида маърифат нурини тарқатиш билан машғул бўлди. У зот ўзидан жуда кўплаб шогирдлар чиқарди. Хусусан, ўзбекистонлик талабаларга ҳам алоҳида меҳр кўрсатиб, дарс беришга ошиқди. 2019 йил ал-Азҳарнинг талабалар турар жойи мажлислар залида юртимиз талабалари учун алоҳида дарс ташкил қилиб, Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақидатут таҳовия» китобидан дарс берди. У зот дарсни гўёки муаллиф билан гаплашаётгандек ўтар ва кенг шарҳлар эдилар. У киши илмлари чуқур, ихлослари баланд, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам муҳаббатли эди. Ҳар бир дарслари якунида албатта салавот ва Қуръони Карим тиловати қилинар эди. Доктор Тоҳо Ҳубайший саломатлик жиҳатидан баъзан оғир ҳолатларга дуч келсада, доимо ўзини тик тутиб Аллоҳнинг қадарига таслим бўлиб, машаққат, мусибатларни иймон ва сабр билан енга олди ва гўзал ахлоқи, кучли шахсияти билан барчага намуна бўлиб, ўзидан улкан илмий мерос, қолдирди.

    Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг хотираси кучли, ўта синчков, зеҳни ўткир бўлган. Бунга биргина мисол тариқасида 2016-йили Ўзбекистонга илмий сафари таассуротлари ҳақидаги «Риҳлатий ила Узбакистан» (Ўзбекистонга сафарим) деб номланган китобларидан ҳам яққол билиш мумкин. Сафар чоғида у зотга мисрлик олим шайх Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳ, шогирди шайх Моҳаб Баъдаш Тунисий ва докторнинг турмуш ўртоғи ҳамроҳлик қилишган. Бир ҳафта давом этган илмий сафар юртимиз илм шайдолари учун ҳам жуда манфаатли бўлган. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти ва Ислом билим юртларида илмий мажлисларда қатнашиб, суҳбат ўтказган. Олти кун давом этган бу сафарни Мисрга қайтиши билан мазкур китобда батафсил ёритган. Унда қайси самолётнинг нечанчи рейсида учгани, йўлда қандай воқеалар бўлгани, Ўзбекистон тарихи, жўғрофияси, алломаларимиз ҳаёти, тарихий жойларга зиёрати ва ҳатто кичкина кўчаларнинг номларигача эътибор қилиб китобда қайд қилган.

    Шайх Моҳаб айтади: «Ўзбекистонга сафаримизда устозимнинг илмга муҳаббати, жидди-жаҳд билан тиришиши ва ғайратига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Кундузи билан илмий учрашувлар, зиёратлар билан тинмасди. Кечки пайт меҳмонхонага қайтганимизда мендан Ўзбекистон алломалари, у ерда олдин ўтган ҳукмдорлар ҳаёти ва  тарихи, ҳар бир вилоятларга хос маълумотларни сўраб оларди. Мен имкон борича бу ҳақда китобларни топиб ўқиб берардим. Ушбу бир ҳафталик сафар мобайнида умумий ҳисобланса, ўн соатга яқин ухлади холос. Мисрга қайтганимиздан кейин, қисқа муддатда Ўзбекистонга сафаримиз ҳақида китоби чиқди».

    Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг оиласи ҳақида

    Доктор Тоҳо Ҳубайший табиати ўта нозик, талабчан бўлгани учун аввалига уйланишдан кўп бош тортади. Бунинг сабабини бўлажак келиннинг ҳаққида камчиликка йўл қўйиши мумкинлиги ва уни машаққатга қўймаслик билан изоҳлаган. Ўша пайтда 15 ёш атрофидаги бўлажак аёли ўзи совчи юбориб, у киши билан турмуш қуриш истагини билдиради. Шунда Доктор яқинларининг қистови билан унинг уйига ақида фанидаги қийин китоблардан бирини олиб бориб: «Шуни ўқиб менга шарҳлаб бера оласизми?».

    Келин: «Бир, икки ўқиб олсам бу мен учун жуда ҳам осон, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ» дейди.

    - Сиз менга турмушга чиқиб котибага айланасиз, унинг учун ёзув машинкасида ёза оладиган бўлишингиз керак.

    Келин: «Буни муаммосиз уддалайман» дейди.

    - Сиз яна турмуш ўртоқ бўлиш билан бирга менга сингил, она вазифасини ҳам бажаришингизга тўғри келади деса, у яна: «Муаммосиз, мен бунга ҳам тайёрман» дейди.

    Сўнгра доктор у билан турмуш қуришади. У пайтлари талабалик вақти эди. У билан бирга аёли ҳам илм ва ҳаёт машаққатларини бирга тотди. У ўн икки йилдан зиёд вақт ал-Азҳарга Доктор Тоҳо Ҳубайшийни етаклаб олиб борар ва яна бирга қайтардилар. Доктор Тоҳо Ҳубайший бу вақт оралиғида докторлик диссерациясини йўқлади. Бу пайтларда уйдан пиёда ўн километр атрофидаги узоқликда бўлган ал-Азҳарга биргалашиб қатнадилар. Доктор ҳар куни тонгдан баъзан асргача дарс берар, аёли эса уни кутиб турар эди. Сўнгра яна уйларига бир неча километр пиёда қайтардилар. Чунки у пайтда йўлкирага пуллари бўлмаган ва қарз эвазига кун кечиришарди. Ёзда тўрт дона юпқа нон ва бир дона тарвуз сотиб олишар, унинг ярмини нон билан тушликда, кейинги ярмини кечки овқат ўрнига танавул қилиб кун кечиришган. Бундай ҳолат бир-икки маротаба эмас, кўп бора такрорланган. Уларнинг бир-бирларига муносабатлари ва аёлининг докторга қилган хизмати ҳақида шайх Моҳаб айтади:

    «Бирор аёлни устозимнинг аёлидек эрига хизмат қилганини кўрмаганман. У ҳатто докторнинг ортидан ҳам исмини айтмас балки «Бобо», яъни отаси дер эди(араб диёрларида аёл эрига эҳтиром юзасидан шундай мурожаат қилади).

    Доктор Тоҳо Ҳубайший менга: «Мен аёлимни жуда кўп машаққатга қўйганман. Мен туфайли қийинчиликларга учраб, сабр қилган» дер эди. Ҳар куни доктор уйга қайтганида аёли тўрт соат китоб ўқиб берар, доктор эшитганларини зеҳнида жамлаб, хона ичида айланиб, бир соат шарҳлаб қоғозга ёздирар эди. Бу пайт докторнинг хаёли бўлинмаслиги учун аёли бирор сўз айтмас, тез-тез ёзиб олишга ҳаракат қиларди. Ҳаттоки, «тушунмадим», «эшитолмадим», «бу қандай ёзилади» каби сўзлар ҳам тақиқланганди. Аёли тушунмаган жойларни зарурат бўлса, диктафонга ёзиб олинган овоздан қайта эшитиб оларди. Унинг китоблари шу тарзда юзага келган».

    Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг турмуш ўртоғи ҳаётини хожаси хизматига бағишлаган эди. Доимо у зот ёнида бўлар, мабодо озгина узоқлашиб қолишса деярли ҳар соатда ўзига ёки атрофларидаги хизматчиларга телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрар эди. У зотга дориларини ўз вақтида ичириш, таомлари ва кийим-кечакларига эътиборли бўлишни эслатиб турардилар.

    Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд исмли ўғиллари ва бир қизи бор. Уларнинг барчалари зиёли, турли соҳаларда фаолият юритишади.

    Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳақларида уламоларнинг сўзлари:

    «Доктор Тоҳо Ҳубайший олим, файласуф, мутасаввиф, мудаққиқ эди. У зот кучли, шижоатли, мулойим, толиби илмларга ўта меҳрибон эди. Доим Аллоҳнинг зикри билан машғул бўларди. Менга магистрлик ва докторлик илмий ишларимда раҳбарлик қилган. У зот билан қишда Ал-Азҳарда ва уйида, ёзда эса она шаҳри Димётда унинг ҳузурида бўлиш насиб қилган. Қаерга борса атрофида талабалар қуршаб олар ва илм тарқатар эди. Унинг бағри кенг бўлганидек, уйи ҳам кенг эди. Ҳар қанча талабаларни қабул қилар, уларга илмини аямас эди. У шу даражада камтар эдики, агар энг кичкина талабасидан ҳам ўзи ниманидир ўрганса, ҳузурланиб кетар эди. У зот шунчалик соддадил, меҳрибон бўлиши билан бирга жуда ҳайбатли эди. Биз унинг олдида ортиқча сўз, ҳазил қилишга ботинолмас эдик.

    Илмга шу даражада муҳаббатли эдики, унинг ривожи учун жонини ва молини ҳам аямас эди. Яхши хизмат қилган устозларга ҳадялар улашар ва турли илмий мусобақалар ташкил қилиб, талабаларни ўз ҳисобидан моддий рағбатлантирар эди.

    У зот ўта сахий эди, етим, камбағал, эҳтиёжманд кишилар, Ал-Азҳар ишчиларига молини ўз қўли билан тарқатар эди».

    Доктор Абдуллоҳ Аъзаб

    Ал-азҳар университети Усулуд дин факультети ректори

    «Доктор Тоҳо Ҳубайший кучли шахсият эгаси бўлган. У  турли фанларни пухта ўзлаштирган, ўзининг мутахассислиги бошқа фан бўлсада, тафсир, ҳадис ва моликий мазҳаби фиқҳидан дарс берар эди. Уйи доим талабалар учун очиқ эди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, айниқса чет эллик талабаларга алоҳида эътибор кўрсатар эди. Агар бирор тадқиқотчи унинг китобларидан фойдалинишни сўраса, ҳеч қандай шарт ва қайдларсиз рухсат берар эди».

    Доктор Жамол Ҳусайн Афифий

    Ал-азҳар университети Ақида ва фалсафа бўлими собиқ ректори.

    «Доктор Тоҳо Ҳубайший калом илмида дин душманларига кўп раддиялар бериб, ақидасини ҳимоя қилди. У талабаларга илмни Қуръонни ёдлатгандек, ёдлатар эди. У зот умрининг охирида  Ал-азҳарда аввал хизмат қилиб ўтган уламолар ҳаёти ҳақида китоб бошлаган ва доим бирор уламо ҳаётини ёзиб тугатса бошқасини бошлаётганда “қани эди шу китобни охрига етказа олсам дер эди» ва китобни якунига етказгач бироз ўтиб Ҳаққа қовушди».

    Доктор Абдулфаттоҳ Абдулғаний Авворий

    Ал-азҳар университети Усулуд дин факультети собиқ ректори,

    тафсир қисми раиси

    «Устозим ҳеч қачон бировга ғазаб қилмасди. Агар бирор кишидан аччиқланса, гапирмай сукут қилиб турса, шунинг ўзи катта жазо бўларди. Агар дарсда биров овозини кўтарса ёки телефон овози эшитилса, сўзлашдан тўхтар ва столни чертиб қўярди. Шунда ҳамма жим бўлиб қолар эди».

    Шайх Моҳаб Баъдаш Тунисий

    Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг ҳикматли сўзлари

    «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севадилар севиладилар».

    «Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бир қадаҳ тотганимизда эди, у зотнинг суннатларини ва кўп салавот йўллашни тарк қилмаган бўлардик».

    «Ким одамларнинг айбларидан ўзини бепарво тутса ва бошқаларга ошкор бўлишини ёқтирмаган ҳолатларини қидиришдан тилини тийса, ўз дини ва обрўсини сақлайди».

    «Менинг дунёда энг ёмон кўрадиганим ва нафратланадиганим бу – жоҳилликдик. Агар у одам (суратида) бўлганда, албатта уни қатл қилган бўлардим».

    Вафотлари

    Доктор Тоҳо Ҳубайший раҳматуллоҳи алайҳ 2020 йили 5 декабрь шанба куни Қоҳирадаги касалхоналардан бирида беморликдан вафот қилдилар. Вафотларидан бироз олдин шогирдлари моҳир Қуръон ҳофизи шайх Маҳмуд Собирни шифохонага чақиртириб, ундан Қуръон тиловат қилиб беришини  сўрайди. Шайх Махмуд Шуаро сурасидан тилават қилиб:

     

    يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ

    «У кунда мол-дунё ва фарзандлар ҳам фойда бермас»

    إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

    «Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган кишиларгина (фойда берур)».

    وَأُزْلِفَتِ الْجَنَّةُ لِلْمُتَّقِينَ

    «(У кунда) жаннат тақводорларга (кўриб қувониш ва киришлари учун) яқинлаштирилур» оятини ўқиб тугатганда унга «етарли, бу Раҳмоннинг ваъдасидир, дарҳақиқат

     مَا وَعَدَ الرَّحْمَنُ وَصَدَقَ الْمُرْسَلُونَ  

    «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарса (қиёмат)дир» (Ёсин сураси, 52-оят) дейдилар ва бошқа сўз айтмай Ҳақ ҳузурига риҳлат қилган.

    У зотнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириб Ал-азҳар университети шайхи шайх Аҳмад Тоййиб ҳафизаҳуллоҳ: «Илм чироқларидан бир чироқ ўчди» деган эди.

Тошкент (2018 йил, 24 апрель)